Чиқиндидан даромад қилса бўлади

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

Юртимизда маиший ва қаттиқ чиқиндиларни ташиб кетиш «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонаси зиммасига юклатилган эди. Бироқ сўнгги йилларда чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетиш муаммо пайдо бўлгач, Президентимизнинг 2020 йил 29 сентябрдаги «Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, бу соҳага тадбиркорларни жалб қилган ҳолда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бошланди.

Бугунги кунда туманида чиқинди ташишда давлат - хусусий шерикчилик асосида  2022 йил бошидан «Тоза ҳудуд» ДУК туман бўлими тадбиркор Гулмира Жумаева раҳбарлигидаги «Анваржон бизнес инвест» МЧЖ кластери томонидан давлат-хусусий шерикчилик асосида хусусийлаштириб олинди. Бу иш шу пайтгача «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонаси туман филиалининг 67 нафар ишчи-хизматчилари зиммасида эди.

Тадбиркор ишни корхонанинг моддий-техник базаси, маҳаллалардаги чиқинди жамлаш шохобчалари, ишчиларнинг яшаш шароитларини ўрганишдан бошлади. Ўз ҳисобидан 12,9 миллиард сўм ва 16,9 миллиард сўм инвестиция маблағларини сарфлаб муаммо ва камчиликларни бартараф этишга киришди. Чиқинди ташувчи махсус автомобиллар сони 11 тадан 14 тага ўтказилди. Иккита бульдозер, трактор ва эксковатор харид қилинди. Ишчиларнинг ойлик маоши кўпайди. Илгари аҳолидан терилган пулларнинг 10 фоизи иш ҳақи сифатида берилган бўлса, ҳозирда 30 фоизга оширилди. Хусусийлаштиришгача 38 маҳалланинг чиқиндиси олиб чиқилган бўлса, энди уларнинг сони 50 тага етди. Ўндан зиёд чиқинди йиғиш шохобчаси қурилиб, 160 та контейнерлар ўрнатилди.

- Иш бошлаган вақтимизда корхонанинг иқтисодий аҳволи жуда ночор эди, -дейди «Анваржон бизнес» МЧЖ раҳбари Азиз Садриддинов. Машиналар чиқиндиларни 2-3 ҳафтада бир марта олиб чиқишга мажбур бўларди. Кластер таркибига ўтгач эса ишларимиз яхшиланди. Ҳозиргача давлатдан бўлган 2 миллиард 800 миллион сўм қарзимиздан 400 миллион сўми тўлаб бўлинди.  

Кластер раҳбари Гулмира Жумаева қатор йиллар шу соҳада ишлаб, тажриба тўплаган тадбиркор аёллардан. Унинг мақсади фақат чиқиндини тўплаб чиқариб ташлаш эмас, балки ундан даромад қилиш. Яъни чиқиндилардан металл, қоғоз, пластмасса каби иккиламчи хом ашёларни саралаб, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни  йўлга қўймоқчи.

- Ишни бошлаганимизда корхона техникалари носоз, чиқиндиларни тўплаш, юклаш, саралаш учун ишчи етишмасди, - дейди Гулмира Жумаева. - Аҳоли чиқинди учун пул тўламай қўйганди. Туман ҳокимлиги корхона учун ер ажратиб бергач, ишимиз олдинга силжиди. Қишлоқма-қишлоқ юриб аҳолига чиқиндиларни олиб келишса, хизмати учун пул беришимни айтдим. Чиқиндиларни тозалаб, майдалаб кесадиган қўлбола ускуналар ясаб, ишлатдим. Менга ишонган ёрдамчиларим ва ишчиларимнинг сони ҳам орта бошлади. Хитойдан чиқиндини қайта ишлаш, пресслаш ва пластмасса гранула шаклига келтирувчи ускуналар харид қилдим. Катта пул сарфлаб ускуналар келтиргандан сўнг уни ишлатиш лозим. Бунинг учун хом-ашё керак. Қарасам, битта туманнинг чиқиндиси етмаяпти. Иштихон тумани, маҳаллаларида юриб, аҳоли билан гаплашдим. Уларга ҳам хизмати учун пул таклиф қилдим. Шунда ташувчилар сони кўпайди. Кимдир металл, яна кимдир макулатура, яна бири пластмасса идишлар йиғиб кела бошлади. Ҳатто, шиша идишлар йиғишни ҳам йўлга қўйдик.

Ўтган йили «Тоза ҳудуд» ДУКнинг Нарпай ва Пахтачи туман филиаллари ҳам мазкур кластер томонидан хусусийлаштирилиб олинди. Ҳозирда «Анваржон бизнес» МЧЖ корхонасининг 40 га яқин юк машиналари Каттақўрғон ва Нарпай тумани маҳаллалари аҳолисига хизмат қилаётган бўлса, кластерга қарашли "Мансурбек қўрғон-бизнес" МЧЖ корхонаси ишчилари Пахтачи туманидаги 59 маҳалла билан ишлаяпти. Корхонанинг 18 та юк ташувчи машиналари кунига икки марта чиқиндиларни саралаш корхонасига олиб келяпти. 

«Анваржон Бизнес Инвест» МЧЖ 9 та лойиҳани амалга ошириш учун қарийб 17 миллиард сўм маблағ сарфлади. Хитой давлатидан чиқинди ташувчи, ортувчи махсус  техникалар, чиқинди йиғиш шахобчалари, контейнерлар, пластмасса, целофан, полиэтиленни қайта ишлаш учун қурилмалар олиб келинди. Чиқиндиларни саралаш корхонаси ишга туширилгач, 50 нафар ишсиз фуқаро иш билан таъминланди. Бугун кластерга қарашли корхоналарда меҳнат қилаётган ишчилар сони 300 нафардан ошди. Навоий шаҳридан ҳам чиқиндиларни тўплаш масаласида таклифлар бўляпти.

Яқингача Каттақўрғон тумани марказидан 5 километр узоқда жойлашган чиқинди полигонида чиқиндилар тоғдай уйилиб, эгасиз ит ва мушуклар маконига айланиб қолганди. Айримлар яйлов сифатида фойдаланиб чорвасини боқиб келган. Энди кластерга ўтган полигонни 4 та ишчи тартибга келтириб, чиқиндиларни саралаб, тўпламоқда. Тез-тез утилизация ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, ҳудудда сув қудуғи ишга туширилди. Атроф тўсиқлар билан ўралиб, 1700 туп терак, 300 дан зиёд арча ниҳолларидан яшил белбоғ яратилди. 

Бугунги кунда тадбиркор Г.Жумаева чиқиндидан даромад қилишни йўлга қўйди. Юзлаб ишчилар шу ерда меҳнат қилиб, рўзғор тебратмоқда.

Кластернинг махсус машиналари сигнал усулида маҳалла ва қишлоқлар оралаб, чиқинди тўпламоқда. Ҳатто, узоқ тоғ ҳудудида жойлашган Андоқ, Мойбулоқ, Жизмонсой каби маҳаллаларга ҳам ўн кунда бир марта бориб келишнинг имконияти топилди.    

     Дилмурод ТЎХТАЕВ.

Бахтиёр МУСТАНОВ олган суратлар.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM