КАТТАҚЎРҒОН ТУМАН ҲОКИМИ ЖАМШИД НАСРИДДИНОВНИНГ ТУМАН ХАЛҚИГА РАМАЗОН ҲАЙИТИ ТАБРИГИ

ҚАДРЛИ ВА МУҲТАРАМ ТУМАНДОШЛАР!
Авваламбор, сиз азизларни, туманимиздаги барча мўмин-мусулмонларни, нуроний отахон ва онахонларимизни, қадрли ака-укаларимиз, опа-сингилларимизни, азму шижоатли ёшларимизни, иймон-эътиқодли халқимизни муборак Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан табриклаб, самимий тилакларимни билдираман.
Рамазони шариф эзгулик, хайру саховат ва меҳр-оқибат ойи сифатида эл-юртимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида азал-азалдан алоҳида ўрин эгаллаб келади.
Асрлар давомида халқимиз онгида бағрикенглик, меҳр-мурувват, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, мустаҳкам ирода каби ибратли фазилатларни шакллантиришда табаррук Рамазон ойига хос қадриятларнинг ўрни ва таъсири албатта беқиёсдир.
АЗИЗ ДЎСТЛАР!
Қатъий ишонч ва кўтаринки кайфият билан бугунги кунда туманимизни тараққий эттириш йўлида даврнинг ўзи талаб этаётган, биз бошлаган кенг кўламли ўзгаришларни бир ёқадан бош чиқариб, изчил амалга ошириб, олдимизга қўйган марраларга албатта эришамиз.
Сиз, азиз ва муҳтарам ватандошларимни эзгу ниятлар рўёбга чиқадиган, хайрли амаллар учун беҳисоб савоблар ёғиладиган, ўзаро бирдамлик, дўстлик ва аҳиллик туйғулари тараннум этиладиган шукуҳли Ийд-ул-Фитр билан яна бир бор чин юракдан муборакбод этаман.
Фурсатдан фойдаланиб, барча мўмин-мусулмон биродарларимизни ҳам халқимиз номидан самимий қутлаб, уларга тинчлик-осойишталик, файзу барака ва фаровон ҳаёт тилайман.
Нияти пок, мақсадлари улуғ халқимизнинг ушбу саодатли онларда қилаётган тоат-ибодатлари ва дуолари ижобат бўлсин!
Парвардигори олам доимо йўлимизни ҳам, юзимизни ҳам ёруғ қилсин! Юртимизни, элимизни турли бало-қазолардан Ўзи асрасин!
Ватанимиз тинч, халқимиз соғ-саломат бўлсин!
Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM