ТАНТАНАЛИ НИШОНЛАНДИ

Мамлакатимизда ҳар йили 14 январь Ватан ҳимоячилари куни сифатида кенг нишонланади. Ватанни ҳимоя қилиш ҳар бир ўзбекистонликнинг муқаддас бурчи эканини яхши биламиз. Иккинчи жаҳон уруши йилларида бу ҳақиқатга бутун жаҳон шоҳид бўлди. 

“Бизнинг мард, енгилмас ва олижаноб халқимиз буюк Ғалабани таъминлашга беқиёс ҳисса қўшгани билан барчамиз ҳақли равишда фахрланамиз. Бу қонли урушда жами 1,5 миллиондан зиёд Ўзбекистон фарзандлари тинчлик ва озодлик учун мардона жанг қилгани, уларнинг ҳар уч нафаридан бири ўз яқинлари бағрига  қайтмагани, эл-юртимизнинг фронт ортида кўрсатган жасоратини халқимиз ҳеч қачон унутмайди” дея таъкидлаган эди муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида.

Бугунги кунда ҳам юртимиз сарҳадларини қўриқлаш, ҳарбий техникаларни моҳирона бошқариш, юрт осойишталигини сақлашда, яъни ҳарбий хизматни адо этишда минглаб йигитлар  мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатиб, ёш авлодга тибрат бўлишмоқда. 
     

13 январь куни туман маданият бўлимининг концерт залида қутлуғ сана-Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди. Унга ҳарбий хизмат фахрийлари, фронт ортида меҳнат қилган отахон-онахонлар, жамоат ташкилотларининг вакиллари маҳаллаларнинг фаоллари, ёшлар таклиф этилди. 
  

Тадбирда туман ҳокими в.б. Жамшид Насриддинов сўзга чиқиб йиғилганларни Ватан ҳимоячилари куни билан самимий табриклади. Аъло даражадаги хизматлари, эришган ютуқлари учун Каттақўрғон шаҳар мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Ҳусан Сапаров, ҳарбий қисм бошлиғи Дониёр Жамолов, ҳарбий қисм хизматчилари Ё.Муродов, А.Абдираҳмонов, С.Замонов шунингдек ФВБ бир гуруҳ ходимлари, туман мактабларидаги чақирувга қадар  тайёргарлик фани ўқитувчиларига ташаккурномалар, эсдалик совғалари топширилди. “Зарафшон” ашула ва рақс халқ дастаси, Каттақўрғон шаҳар ҳарбий қисм хонандалари ўзларининг ёқимли куй ва қўшиқлари, жозибали рақслари  билан байрам қатнашчиларига завқ-шавқ улашдилар.

2015-2021 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM