Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан туман ҳокими Ж.Насриддиновнинг байрам табриги

Ҳурматли юртдошлар!

Қадрли деҳқон ва фермерлар!

Сизларни Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан чин қалбимдан табриклаб, энг эзгу ва самимий тилакларимни билдираман.

Ўзингизга маълумки бу йилги пандемия давридаги оғир ва мураккаб мавсум туманимиз қишлоқ хўжалиги ходимларини яна бир бор жиддий синовдан ўтказди. Ана шундай қийинчиликларга қарамасдан, туманимиз бўйича 64 минг 770 тонна ғалла, 35 минг 365 тонна  пахта, 330 тонна пилла, 9453 тонна сабзавот, 188 тонна картошка, 1595 тонна полиз маҳсулотлари, 3986 тонна мева, 14172 тонна узум,  3450 тонна балиқ, 912 тонна парранда гўшти, 375 тонна гўшт, 2558 тонна сут тайёрлашга эришдик. Бир сўз билан айтганда, йил давомида қилган мардона меҳнатингиз туфайли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирганингиз таҳсинга лойиқдир.

Бошқа соҳалар каби қишлоқ хўжалиги соҳаси учун кунни кун, тунни тун демай ўзининг катта тажрибаси билан беминнат ҳиссасини қўшиб, жуда катта натижаларга эришишимизга сабабчи бўлган инсон, раҳматли устозимиз Аъзамхон Усмоновични эсламай иложимиз йўқ. Бундан кейин ҳам устозимиз йўлини давом эттириб, бир тану бир жон бўлиб меҳнат қилишимиз керак.

Йил охирлаб, натижалар сарҳисоб қилинаётган мана шу қутлуғ айёмда сизларга, барча қишлоқ аҳлига ана шундай олижаноб меҳнатингиз учун катта раҳматлар айтиб, чин қалбимдан миннатдорлик билдираман!

Азиз қишлоқ хўжалиги ходимлари!

Юртимизда кейинги йилларда барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалиги бўйича ҳам муҳим дастурлар, “Йўл харита”лари ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилмоқда. Жумладан, деҳқон ва фермерлар, дала ишчилари меҳнатини муносиб қадрлаш ва рағбатлантириш мақсадида давлат эҳтиёжи учун харид қилинадиган пахта ва ғаллани молиялаштириш тартиби ўзгартирилди. Ўзбекистон тарихида биринчи марта фермерлар ўз маблағларини мустақил сарфлаш ҳуқуқига эга бўлди.

Ушбу тармоққа бозор механизмлари, хўжалик юритишнинг агрокластер тизими жорий этилаётгани, илгари эътиборимиздан четда бўлиб келган замонавий иссиқхоналар, балиқчилик,паррандачилик, йилқичилик, асаларичилик, қалампир, саримсоқпиёз, тўқсонбости усулида сабзавот етиштириш, томорқа хўжаликлари каби йўналишлар жадал ривожланаётгани туб таркибий ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Буларнинг барчаси  қишлоқ хўжалигини маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун тобора жозибали, истиқболли тармоққа айлантирмоқда.

Биргина қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожлантириш, яъни қишлоқ хўжалик экинларидан юқори ҳосил олиш мақсадида туманга  сўнги  йилларда Германия, Белоруссия, Хитой ва Туркия давлатларидан жами 113 млрд. 225 млн. сўмлик ҳар хил турдаги 526 та янги замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари олиб келинди.

  Айни  вақтда туманимизда ҳам қишлоқларимиз қиёфасини тубдан янгилаш, уларни обод қилиш, қишлоқ аҳли учун замонавий шароитлар яратиш бўйича  кўп иш қилинмоқда. Жумладан, арзон уй-жойлар дастури доирасида бу йил қишлоқларимизда  2 та 4 қаватли  48  хонадонли уй қурилди. Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахслар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёллар, кам таъминланган уй-жойсиз фуқаролардан 6 нафарига дастлабки тўлов пуллари тўлаб берилди.

         Қувонарлиси, туманнинг Боғот маҳалласида ҳар бири 3 хонадан ибороат 2 сотихли 10 та янги уйлар ижтимоий аҳволи оғир, турар жойга муҳтож оилаларга бепул берилди.

Туманимз аҳолиси учун янги уй-жойлар, табиий газ, электр, ичимлик суви тармоқлари, равон йўллар, мактаб ва боғчалар, шифо масканлари, маданият ва спорт иншоотлари, бир сўз билан айтганда, муносиб ҳаёт шароитлари яратилмоқда. Бундай ютуқлар келгусида бу ишларни янада катта кўлам ва кенг миқёсда давом эттиришга руҳлантиради.

Ҳозирги пайтда олдимизда ҳал қилишимиз лозим бўлган ғоят муҳим вазифалардан бири ,пахта ва ғалла ҳосилдорлигини кўтариш, пахта ва ғалладан бўшаган майдонларда экспортбоп, ички ва ташқи бозорда талаб катта бўлган экинлар экиш, кўп тармоқли фермер хўжаликлари, томорқа майдонлари самарасини оширишга қаратилган ишларимизни кучайтиришимиз керак. Келгуси йилда туманимиз қишлоқ хўжалигида энг катта бойлик бўлган ер ва сув ресурсларидан тежаб самарали фойдаланишга, чидамли, эртапишар, серҳосил экин навларини экишга, чорвачиликда наслчиликни яхшилашга, , уруғчиликни ривожлантиришга, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга, лалми ерларни ўзлаштириш масаласига ва пироворд натижада фермер даромади ҳам аҳоли фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Бугунга қадар худудий инвестиция дастурлари доирасида 104 та, жами лойиҳа қиймати 337,8 млрд.сўмлик қишлоқ хўжалиги лойиҳалари ташкил этилди. Келгуси йили қишлоқ хўжалигида катта ҳажмдаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мўлжалланаётгани бу соҳадаги ишларимизнинг ҳажми ҳам, масъулияти ҳам нақадар юксак эканидан далолат беради.

Мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, халқимиз дастурхонини фаровон қилишдек олижаноб мақсад йўлида меҳнат қилаётган фидойи фермерларимиз, барча қишлоқ хўжалик ходимлари бор билим, тажриба, куч-ғайрат ва имкониятларини сафарбар этиб, ўз олдимизга қўйган улкан вазифаларни адо этишда бор билимини аямасдан меҳнат қиладилар, деб ишонаман.

                                                  Азиз дўстлар!

         Қабул қилаётган барча режа ва дастурларимиз ижобат бўлиб, кириб келаётган янги – 2021 йилда ҳосилимиз янада мўл,халқимиз турмуши янада фаравон  бўлсин!

         Сизларни яна бир бор Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан чин дилдан табриклаб, ишларингизга янги-янги ютуқлар, хонадонларингизга файзу барака, барчангизга сиҳат-саломатлик ва саломатлигингизга эътиборли бўлишингизни сўрайман.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM