Каттақўрғон туман ҳокимининг Қарори
Каттақўрғон туманида ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг “Aҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунининг 17-моддаси, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 25-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сонли “Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида”ги Қарори ва туман ҳудудида жойлашган корхона, ташкилот ва муассасаларда иш ўринларининг энг кам миқдорини белгилаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2019 йил 10 майдаги 19-2019-Б-сон буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида берилган таклифларни ҳамда туман адлия бўлимининг 2020 йил 17 сентябрдаги хулосасини инобатга олиб, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-ва 25-моддаларига асосан ҚAРОР ҚИЛAМAН:
1. Ўзбекистон Республикасининг “Aҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунининг 17-моддасига асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар тоифалари учун иш ўринларини банд қилиши лозим бўлган тумандаги корхона, ташкилот ва муассасалар рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қайд қилинган корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар қуйидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналадиган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган шахслар тоифалари учун иш ўринларини банд қилиб қўйишни таъминласин:
- ўн тўрт ёшгача болалари бўлган ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ва кўп болали ота-оналар учун 27 % (120 киши);
- умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшларга, шунингдек, олий таълим муассасаларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари 33,5% (146 киши);
- сафарбарлик чақирув захирасида хизматни ўтаган ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафларидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар 12,3% (53 киши);
- ногиронлар учун 0.39% (17 киши);
- туман Бандликка кўмаклашиш марказида иш қидирувчи сифатида ҳисобда турган, пенсия олди ёшидаги шахслар учун 1,2% (41 киши);
- жазони ўташ муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарорига кўра тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларига тортилган шахслар учун 0,9 % (29 киши);
- одам савдосидан жабрланган шахслар учун 0,6% (27 киши).
3. Корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларига ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни иш билан таъминлаш учун 2020 йил якунланишидан 10 кун олдин квота иш жойлари умумий миқдорининг камида 25 фоизи учун, 2021 йилнинг 10 апрелидан кечиктирмай иш жойларининг қолган 75 фоизини барпо этиш (ажратиш ёки банд қилиб қўйиш) тўғрисидаги, яъни ҳар бир квота тоифаси бўйича иш ўринлари банд қилиб қўйиладиган касблар ва лавозимлар, мутахассисликлар кесимидаги маълумотларни ва қарор бўйича чиқарилган буйруқ нусхаларини туман Бандликка кўмаклашиш марказига тақдим этиш вазифаси юклатилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил
5 декабрдаги 965-сонли Қарори билан тасдиқланган “Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисидаги Низом”га асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш қидиришда қийналаётган шахслар учун банд қилиб қўйиладиган иш ўринларини туман ҳокими томонидан белгиланган миқдордан ортиқча ташкил этган ташкилотлар ушбу иш ўринларини ташкил этишга сарфланган маблағларининг бир қисмини туман Бандликка кўмаклашиш маркази билан тузилган шартнома асосида Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш ҳуқуқига эга эканликлари инобатга олинсин.
5. Муҳтожлар учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш бўйича туман ҳокимининг ушбу қарори бажарилмаганда, шунингдек, уларнинг ишга қабул қилиш асоссиз равишда рад этилганлиги учун ташкилотларнинг мансабдор шахсларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жавобгарлик белгиланади.
6. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2019-йил 10-майдаги 19-2019-Б-сон буйруғи асосида Ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансуб шахсларни квоталанган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида ҳақ тўлаш тўғрисида субсидиялар ажратилиши белгилансин.
7. Туман Бандликка кўмаклашиш маркази (Н.Шакаров) бир ҳафта муддатда мазкур қарорни тегишли корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларига етказсин ҳамда унинг бажарилиши устидан қатъий назоратини таъминласин.
8. Туман ҳокимининг 2019 йил 14 сентабрдаги 3616-Қ-сонли “Каттақўрғон туманида ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисида”ги қарори 2020 йил 31 декабрдан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
9. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
10. Ушбу қарор ижросининг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Қ.Худайбердиев зиммасига юклатилсин.
Каттақўрғон туман ҳокими A.Бахрамов
2020 йил, 24 сентябрь