МАҚСАД – ЗАМОНАВИЙ ВА СИФАТЛИ КОММУНАЛ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

Аҳолининг турмуш даражасини ошириш, қулай яшаш шароитларни яратиш, уларнинг кундалик эҳтиёжларини қондириш, шунингдек, ижтимоий объектларнинг фаолиятини таъминлаш борасида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси алоҳида ўринга эга.

Шунинг учун ҳам туманимиз аҳолисини замонавий ва сифатли коммунал хизматлар билан таъминлаш борасида уй-жой мулкдорлари ширкати кенг кўламли ишларни амалга ошириб келмоқда. Тумандаги 17 та 2 қаватли кўп хонадонли уйларни реконструкция қилиш ва таъмирлаш, сув таъминоти, канализация ва иссиқлик таъминоти объектларини барпо этиш ҳамда реконструкция ва модернизация қилиш соҳасида чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, уларнинг ижросини таъминлашга қаратилган мақсадли ишлар мунтазаам олиб борилмоқда. 
Жумладан, бугунги кунга қадар 9 та 2 қаватли уйнинг олд кўриниш қисми, 65 та кириш йўлаклари ҳамда уй-жойнинг ички муҳандислик-коммуникация тармоқларини капитал таъмирлаш, мавжуд уй олди йўлаклари ва тротуарларни таъмирлаш ҳамда бетонлаш ишлари ниҳоясига етказилди. Уй-жой ҳовлиларида 7 та болалар майдончаси ўрнатилди. Шунингдек, режалаштирилган 6 та тандирхона қурилишидан 3 таси қуриб битказилди.
Шу билан бир қаторда барча 17 та кўп қаватли уй-жойларнинг ҳар бир хонадонига тоза ичимлик суви ва канализация тормоқлари тортилди. Уйларнинг 65 та кириш йўлаклари олдига ўриндиқлар ўрнатилди.  Хонадонлардан чиқадиган суюқ чиқиндилар учун 12 та чиқинди ҳовузлари қурилиб, канализация тармоғига уланди. Ертўлаларнинг таъмирталаб жойлари таъмирланди. Кўп қаватли уй-жой хонадонларининг электр таъминоти тизими ўзгартирилиб, замонавий якка тартибдаги щитларга алмаштирилди. Тунги ёритиш тизими ўрнатилмоқда. Ҳозирда бу ҳудудларда маҳаллий бюджет маблағлари хисобидан 3 та тандирхоналар қурилмоқда. 
Бундан ташқари кўп хонадонли уй-жойларга туташ худудларда мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ҳамда арча дарахтлари экилди. Уй-жойларнинг олди томонига турли хилдаги гул кўчатлари ўтқазилиб ободонлаштирилди. 
Бу ишлар ўз ўзидан бўлгани йўқ. Энг аввало шундай марраларга уй-жой мулкдорлари ширкати ходимларининг фидокорона, ҳалол ва заҳматли меҳнати туфайли эришилмоқда. Бу каби ишларнинг амалга оширилиши яқин йилларда туманимиз қиёфасини буткул ўзгартириб юбориши билан бирга, аҳолини замонавий ва сифатли коммунал хизматлар билан таъминлаш даражасини янада юксалтиради.

 

Дилшод МЎМИНОВ,
туман уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM