ЮРТ БОЙЛИГИГА КЎЗ ОЛАЙТИРМАНГ!

Ҳар бир инсонга бу дунёга фақат ўзигагина берилган  ризқ-рўз бўлади. Ундан ортиғи ҳалол бўлмайди. Албатта, кўпнинг ҳаққига хиёнат қилиш, ўзганинг мулкига кўз олайтириш  ноқонуний ҳаракат ҳисобланади ва бунга албатта тегишли жазо муқаррар.
Оилали, 2 нафар фарзанднинг отаси, Каттақўрғон тумани Янгиҳаёт МФЙга қарашли Бойназар қишлоғида яшовчи фуқаро Шохрух Ботиров буни яхши билсада, лекин “Робия Муҳаммадиева И.М.Л” фермер хўжалиги ер майдонида очилиб келаётган ғўза ниҳолларини пахта даласидан қорамоллари учун ўт териб олиш баҳонасида ўриб, ўғирлик йўли билан талон-торож қилишдан ҳайиқмади. Табиийки, бу ноқонуний ҳаракат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимларини бефарқ қолдирмади. Кўза кунида синади, деганларидек, Шохрухнинг навбатдаги ғўза ниҳолларини ўриб келиб уйида яширинча қорамолларига едираётган пайтдаги жинояти туман ИИБ ходимлари томонидан фермер хўжалиги раиси иштирокида фош этилди.
Ушбу жиноят иши шу йилнинг 8 сентябрь куни Каттақўрғон туман маъмурий судининг туман ҳокимлиги биносида бўлиб ўтган очиқ сайёр суд мажлиси кўриб чиқилди.
Суд мажлиси давомида фуқаро Ш.Ботиров ҳақиқатдан ҳам ўзи билган ҳолда фермер хўжалиги дала майдонларидан ғўза ниҳолларини ўғирлаб ўриб келиб, молларига едирганини тан олди ва бундан қаттиқ пушаймонлигини билдирди.
Шохрух Ботировнинг бу жиноий қилмиши  уни МЖтКнинг 195-моддаси билан айбли деб топишга асос бўлди. Унга 10 (ўн) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, суд залидан қамоққа олинди. Шунингдек, фермер хўжалига етказилган зиён ҳам тўлиқ ундирилади. Шохрухга бировнинг мол-мулкини талон-тарож қилиш қимматга тушди. Энди у оиласининг ризқини қийиб, келтирилган зарарни тўлаб беради.
Бир қараганда, жиноятчи ўз қилмишига яраша жазосини олди. Лекин, унинг кўз-кўрона юрт бойлиги бўлган пахта поясини ўғирлаб, молига едиришга  журъат этгани – бу ўз халқининг юзига оёқ қўйгани билан баробардир. Бундай ҳатти-ҳаракат ҳар қандай ҳолатда ҳам кескин қораланади. Келтирилган зарарни қоплаб берганда ҳам Ш.Ботиров қилган иши учун ўз виждони олдида қандай жавоб берар экан?

 

С.СОЛИЕВ,
Каттақўрғон туман маъмурий суди раиси.

2015-2020 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM