Коса тагида нимкоса борми? Ёхуд, бўш иш ўринларини яширишга уринишдан мақсад нима?

Инсон оддий ҳаёт кечириши учун у аввало, моддий жиҳатдан таъминланган бўлиши керак. Бунинг акси бўлса-чи? Унда бундан ёмони йўқ. Қийинчилик гирдобига тушиб қолган одам чорасизликдан ҳар нарсага тайёр бўлиши мумкин. Жиноятларнинг ҳар тўртинчиси ишсизлар томонидан содир этилаётгани ҳам масаланинг нақадар долзарб эканлигини кўрсатади.

Азиза Тошева Самарқанд давлат университетининг қайта тайёрлаш курсида таълим олиб, унга 2019 йил 31 июль куни QT №028371 рақамли диплом билан тарбиячи малакаси берилди. У эгаллаган мутахасислиги бўйича ишга жойлашиш мақсадида тумандаги бир неча мактабгача таълим ташкилоти мудираларини эшигини қоқиб борди, лекин барчасидан бир хил жавобни эшитди: "Бизда бўш иш ўрни йўқ, қачон бирорта ходимимиз ишдан бўшаса хабар берамиз. Анъанавий жавобга ўрганиб қолган мудиралар уни шу тариқа  қайтариб юбораверишди.
       Ҳар куни бир хил жавоб эшитишдан чарчаган Азиза охир-оқибат мутахассислиги бўйича ишга жойлашишда амалий ёрдам беришни сўраб  Каттақўрғон туман адлия бўлимига мурожаат қилди.  
       Адлия бўлими ходимлари томонидан А.Тошеванинг мурожаати асосида тумандаги 21-мактабгача таълим ташкилотида мавжуд иш ўринлари ўрганилди. Ўрганиш давомида ушбу боғчада тикувчи, товаршунос, инспектор, тармоқ ёрдамчиси мутахассислигига эга бўлган фуқаролар тарбиячи бўлиб ишлаб турганлиги аниқланди. Бўлимнинг аралашуви ва қатъий талаби билангина фуқаро Азиза Тошева жорий йилнинг сентябрь ойида тумандаги 21-мактабгача таълим ташкилотига ўз мутахассислиги бўйича ишга қабул қилинди.
       - Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бундай маълумотлар туман Адлия бўлими томонидан аниқланган ягона ҳолат эмас, - дейди туман адлия бўлими бошлиғи Ўткир Ҳакимов. - Афсуски, кейинги ўрганишлар натижаси бундай салбий ҳолатларни кўплаб содир этилаётганини кўрсатиб турибди. Фуқаро Г.Султонованинг 61- мактабгача таълим ташкилотига ва М.Актамованинг 60-МТТга тарбиячи вазифасига ҳамда Ю.Турсунованинг тумандаги 56-умумий ўрта таълим мактабига ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлашуви бўлимимиз ходимларининг аралашуви билан амалга оширилди.
    Хўш, аҳолини иш билан таъминлаш энг долзарб масала бўлиб турган бир пайтда бор иш ўринларини яшириш ёки уларни мутахассислиги бўлмаган кишилар билан тўлдириб туриш, таниш-билишчилик орқали яқин қариндошларни ишга қабул қилиш каби салбий ҳолатлар қачон барҳам топади?!
       Кейинги пайтларда хўжалик юритувчи субъектларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар, текшириш ва назорат қилиш ҳолатларининг барҳам топиши натижасида меҳнат тартиби қоидаларига риоя қилиш учун енгилликлар яратилди. Лекин бу дегани иш ўринларини яшириш, ишга қабул қилиш ва меҳнат қоидаларини истагача бузиш мумкин дегани эмаску?!
       Аҳолини иш билан таъминлаш фақат давлат органларининггина вазифаси бўлиб қолмай, балки жамоатчиликнинг, айниқса, корхона, ташкилот ва муассасалалар раҳбарлари, яъни иш берувчиларнинг зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Аҳолининг иш билан бандлиги, яъни фуқароларнинг доимий равишда муайян касб фаолияти билан шуғулланиши даромад олиш ва фаровон ҳаёт кечиришига сабаб бўлади. Ишсизлик ва бекорчиликдан жамиятда ҳар хил ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик, бузғунчи ғояларга билиб-билмай эргашиш, фуқароларнинг иш излаб чет элларга қонунга хилоф равишда чиқиб кетиши оқибатида одам савдоси қурбонига айланиши ва бошқа салбий ҳолатлар вужудга келади.
       Қолаверса, "Маъмурий жавобгарлик тўғрисида"ги кодекснинг 229-моддасига асосан,бўш иш ўринларини (вакант лавозимларни) яшириш, бўш иш ўринлари (вакант лавозимлар) ёки ҳар бир ходим бўшатиб олиниши кутилаётганлиги тўғрисидаги ахборотни ўз вақтида тақдим этмаслик, иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармасига ажратмаларни тўлашдан бўйин товлаш - мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса - мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
       Фуқаролар томонидан бўлган мурожаатлар ҳамда олиб борилган таҳлиллар натижасига кўра, иш берувчилар бўш иш ўринларини тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилмаслик, кўп ҳолатларда тақдим қилинадиган маълумотларда мавжуд бўш ўринларни кўрсатмаслиги ҳамда асосий, иш ҳақи юқори бўлган лавозимлар кўрсатилмасдан, хизматчи лавозимларни кўрсатиш билан чегараланиб, баъзи иш ўринлари яшириш ҳолатларининг ҳам учраётгани замирида нима яширинлиги ҳеч кимга сир эмас.
       Иш берувчиларнинг бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилмаслик ва бўш иш ўринлари яшириб маълумотларни тақдим қилиш сабаблари баъзида мавжуд қонун талабларини билмаслиги ёки тушунмаслиги бўлса, баъзи ҳолларда таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик ва мансабдор шахсларнинг бошқа шахсий манфаатларини устун қўйиши деб хулоса қилиш мумкин.
       Ушбу масалани моҳиятини тушуниб етган ва ўз вазифасига виждонан ёндашган мансабдор шахслар юқоридаги қонунбузарликларга йўл қуймаслиги барчамизга маълум.
       - Иш берувчиларнинг аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишдаги иштироки Ўзбекистон Республикасининг "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги Қонунининг 18-моддасида белгилаб қуйилган, - дейди туман Аҳоли банд­лигига кўмаклашиш маркази давлат меҳнат-ҳуқуқ инспектори Алибек Ўсаров. - Бўш иш ўринлари тўғрисидаги ҳаққоний ҳисоботларнинг ўз вақтида тақдим этиб борилиши иш излаб юрган фуқароларимизнинг тезроқ ишга жойлашиши учун замин яратган бўлар эди. Бундан ташқари, туманда фаолият олиб бораётган кичик корхона ва микрофирмаларда ҳам бўш иш ўринлари мавжуд бўлса, ишчи кучига эҳтиёж туғилса, Бандликка кўмаклашиш марказларига ихтиёрий тарзда бўш иш жойлари ишчи кучига бўлган эҳтиёж ҳақида маълумотлар тақдим этиб, ҳамкорлик қилса, кичик корхона ва микрофирмаларга ҳам ишчи кучи билан таъминланади.
Тизимдаги муаммолар борлигига мана яна бир бор гувоҳ бўлдик. Шундай экан, деб бунга ҳамма томошабин бўлиб турса, ҳеч нарса ўзгармаслиги аниқ. Ҳар бир киши бу муаммоларга қарши ҳамжиҳатликда курашса, айниқса, порахўрлик, тамагирликка дуч келганда, буни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маълум қилса, бу ҳақда бонг урса, битта бўлса ҳам коррупцияга нуқта қўйган бўларди.
Шу ўринда бир мулоҳаза: иш қидираётганлар кўп, иш таклиф этаётганлар ҳам бор, демак уларни бирлаштириш тизимини яратиш керак. Бир сўз билан айтганда, меҳнат бозори низом талабига мувофиқ такомиллаштиришга зарурат бор. 

2015-2019 © Хокимият Каттакурганского районо. Разработан в: SAKTRM