Иш ўрнини яширган масъуллар жазога тортилди

Маълумки, адлия органларига давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси ташкиллаштирилишининг мониторинги ва таҳлилини олиб бориш вазифаси юклатилган бўлиб, бугунги кунда ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига имкон берувчи салбий омиллар, сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича амалий чоралар тадбирлар олиб борилмоқда. 

Яқинда бўлим масъуллари томонидан аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутадиган тумандаги ташкилотларда бўш иш ўринлари юзасидан ваколатли органларга берилган ҳисоботларни ҳаққонийлиги амалиёти таҳлил қилинди.

Туман Бандликка кўмаклашиш марказига бўш иш ўринлари бўйича тақдим этилган ҳисоботлар сўров ўтказиш йўли билан, чақирилиб таҳлил қилинганида, тумандаги 30-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби 2019 йил 7 июн ҳолатига бўш иш ўринлари йўқ, деган ҳисобот тақдим этган. Ваҳоланки, 30-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчи ҳамда концертмейстерларининг тарификациясида торли чолғулар ва гитара фани ўқитувчиси иш ўринлари вакантлиги кўрсатилган.

30-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Н.Абдуллаева Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 229-моддасида белгиланган талабларни (бўш иш жойлари (бўш лавозимлар)ни яшириш, шунингдек ҳар бир ходим бўшатиб олиниши кутилаётганлиги тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида бермаслик, иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармасига ажратмаларни тўлашдан бўйин товлаш) бузганлиги сабабли, унга нисбатан туман Банд­ликка кўмаклашиш марказининг 2019 йил 15 июлдаги қарори билан 608 минг 190 сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилди. 

Худди шундай қонунбузилишга тумандаги 15-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида ҳам йўл қўйилганлиги аниқланди. Мактаб томонидан туман Бандликка кўмаклашиш марказига 2019 йил 5 июлда тақдим этилган ҳисоботда 1,5 ставка бўш иш ўринлари мавжудлиги ҳақида нотўғри маълумот берилган. Текшириш давомида мактабда ҳақиқатда 2,5 педагог ставка бўш иш ўринлари мавжудлиги аниқланди.

15-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Ш.Бабаевга нисбатан ҳам шу моддага асосан туман Бандликка кўмаклашиш марказининг 2019 йил 26 июлдаги қарори билан 608 минг 190 сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилди.

Шуни айтиш керакки, ҳар иккала ҳолатда ҳам мактабнинг мансабдор ходимлари билиб туриб белгиланган талабни бузишган. Шу сабабли улар томонидан бу ҳолат қайта такрорланса, уларга нисбатан янада кескин чоралар кўрилиши тушунтирилди

                                                                                                   Ўткир Ҳакимов,
                                                                                                   туман адлия бўлими бошлиғи.

2015-2024 © Хокимият Каттакурганского районо. Разработан в: SAKTRM