Конституция қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган тантанали тадбирдаги ТАБРИК СЎЗИ

Каттақўрғон туман ҳокими Бахрамов Аъзамхон Усмановичнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган тантанали тадбирдаги

ТАБРИК СЎЗИ

 

Ассалому алайкум, азиз дўстлар!

Ҳурматли бугунги тадбир иштирокчилари!

 

Аввало, Сизларни улуғ айём – мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллик байрами билан самимий муборакбод этишга рухсат бергайсизлар.

Барчамиз учун муқаддас саналган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси шу юрт, ушбу заминда яшаётган ҳар бир инсон учун ўзгача фахр-ифтихор ва юксак ғурур билан нишонланадиган табаррук айём ҳисобланади.

Конституциямиз, мана, йигирма олти йилдирки, юртимизда озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этишнинг ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Айни пайтда биз асосий қонунимиз талабларини тўлиқ амалга ошириш борасида ҳали олдимизда улкан вазифалар турганини яхши тушунамиз. Яъни, халқимиз ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини амалда таъминлаш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз керак.

Энг аввало, одамларимиз ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ўз ҳаётида ҳис этишлари зарур. 

Конституциямиз – асосий қонунимиз қабул қилиниши билан биз Ўзбекистон келажагини, тараққиёт йўлида дадил илдамлаётган давлатимизнинг чуқур мазмуни, маъно ва моҳиятини, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, гуманитар ва маънавий тараққиётнинг, юртимиз қиёфасини, унинг халқаро ҳамжамиятдаги ўрни ва нуфузини тубдан ўзгартириб юборган мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилишнинг пировард мақсадларини аниқ-равшан белгилаб бермоқда. Ўтган даврда ижро этувчи ҳокимиятни демократлаштириш ишлари ҳам изчил олиб борилди. Ҳукуматнинг вазифа ва ваколатлар доираси кенгайтирилиб, парламент олдида ҳисоб бериш даражаси ва масъулияти кучайтирилди. Бу Конституциянинг 7-моддасида мустаҳкамланган "Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир" деган улуғвор ғоянинг амалий ифодаси, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади.

Шу билан бирга, ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга экани, тўғрисидаги конституциявий нормаларни амалда таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилди. Албатта, бу қоидани ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш, биринчи навбатда, судларнинг чинакам мустақиллиги, уларнинг адолатли фаолият юритиши билан чамбарчас боғлиқ. 

Ҳақиқатдан ҳам бугун мустақил юртимизда, шу жумладан, туманимизда олиб борилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, ижобий ўзгариш ва янгиланишлар, ободонлаштириш ишлари бош Қомусимиз бераётган улкан имкониятлар асосида амалга оширилмоқда.

Жумладан, қурувчиларимиз байрам арафасида 22.2 млрд сўмлик давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 16 та ижтимоий объектлар яъни,          3 та соғлиқни сақлаш соҳасида,  7 та умумтаълим мактабларида, 5 та мактабгача таълим муассасаларида капитал реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиб, навбат билан фойдаланишга топширилмоқда.

Шунингдек, туманда 2018 йилда “Обод қишлоқ” дастури бўйича “Каттаминг” ва “Қоракўлча” қишлоқларида жами 11 млрд 940 млн сўмлик
7 та ижтимоий соҳа (3 та умумтаълим мактаби, 2 та мактабгача таълим муассасаси ва 2 та тиббиёт) объектларида янгидан қурилиш ва капитал реконструкция ишлари
якунланмоқда.

Алоҳида эътироф этиш керакки, 2017 йилда йўл қурилиш учун қарийб 3 млрд сўмлик иш олиб борилган бўлса, жорий йилда 29 млрд              500 млн сўмлик йўл қурилиши ишларини амалга оширишни режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда 25 млрд 300 млн сўмлик йўл қурилиши ишлари бажарилди ва ушбу хайрли ишлар давом эттирилмоқда. Йўл қурилишига ажратилган маблағлар доирасида бугунги кунга қадар             45 км йўллар асфальт қилинди.

Туман аҳолиси, хусусан, ўз яшаш шароитларини яхшилашга муҳтож оилалар учун 2018 йилда 8 та икки қаватли 128 хонадонли ва 122 та                     2 сотихли 3 хонали арзон уй-жойлар эгаларига топширилмоқда. Бу эса 2017 йилга нисбатан 3,2 баравар кўпдир.

Шунингдек, аҳолини маданий ҳордиқ олиши учун шароитларни яхшилаш мақсадида туман марказий истироҳат боғи капитал таъмирланиб, 2 та нурли мусиқий фаввора ҳамда туман марказида 0.7 га ер майдонида янги боғ ташкил этилди.

Туманда давом этаётган қурилишлар учун асосий хомашё ҳисобланган пишиқ ғишт туманимиздаги маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида туманимиз ҳудудида кўмирда ишлайдиган, тежамкор 15 та ғишт заводлари қурилмоқда. Ушбу заводларнинг аксарият қисми маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлаб юборди.

Туманда саноатни ривожлантириш мақсадида юқори кучланишли Оқдарё ним станциясидаги 6300 кВт.ли трансформатор ўрнига 16000 кВт. ли трансформатор фойдаланишга топширилиши жорий йилнинг 20 декабрига режалаштирилган бўлиб, унинг ишга туширилиши натижасида келгусида туманда йирик саноат корхоналари барпо этилишига замин яратилади.

Шу маънода Конституцияда белгиланган ҳуқуқ нормаларини ҳаётга татбиқ этишда очиқлик, ошкоралик, эркинлик тамойилларига амал қилиш ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти қурилишида муҳим аҳамият касб этишини барчамиз чуқур англаб етишимиз лозим.

 

Азиз дўстлар!

 

Барчамизга яхши маълум, мамлакатимизда ҳар бир йилга алоҳида ном берилиб, шу асосда давлат дастури қабул қилинади.

Ўтиб бораётган 2018 йилга “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили ” деб ном берилиб, шу асосда қабул қилинган давлат дастури доирасида туманимизда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди ва амалга оширилмоқда.

Хусусан, “HENGYUAN CEMENT” ҚК жорий йилда Каттақўрғон туманида рўйхатдан ўтиб ўз фаолиятини бошлади. Корхона Хитойнинг нуфузли йирик цемент ишлаб чиқариш компанияси ҳамда цемент заводи қурилишида катта тажрибага эга GANSU HENGYA CEMENT Co., LTD ва Ўзбекистон томонидан “Zamon injiniring” МЧЖ иштирокида ташкил этилган.

Хитой инвестицияси иштирокида “HENGYUAN CEMENT” ҚК тўғридан-тўғри инвестиция ҳажми 420 млн АҚШ долларини ташкил қилувчи йиллик қуввати 2.4 млн тонна бўлган цемент заводи қурилиши бошланди. Завод қурилишининг биринчи босқичи 2018-2020 йилларда амалга оширилади ва бу босқичда 220 млн АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобига йиллик қуввати 1.2 млн тонна бўлган дастлабки блок 2020 йилнинг сентябрь ойида ишга туширилади. Иккинчи босқич 2020-2022 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, 200 млн АҚШ долларлик тўғридан-тўғри инвестиция киритиш орқали йиллик қуввати 1.2 млн тоннани ташкил этадиган иккинчи блок ишга туширилади. Ушбу лойиҳа тўлиқ амалга оширилиши натижасида жами 1000 дан зиёд янги ишчи ўринлари ташкил қилинади ва туман экспорт салоҳияти кескин кўтарилади ҳамда туманимиз бюджетига солиқ тушуми сезиларили даражада ортади.  

Бундан ташқари “Стоун холдинг груп” МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон-АҚШ қўшма корхонаси ташкил этилди. Натижада 1 млн 120 минг долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб мрамор плиталар ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш имконияти вужудга келади.

Лойиҳа қиймати 1.4 млн. АҚШ долларлик Мундиён қишлоғида жойлашган Каттақўрғон туман ижтимоий-иқтисодиёт ва педагогика касб-ҳунар коллежи негизида ташкил этилиши белгиланган тикув-трикотаж фабрикаси келаси ой ўз фаолиятини бошлайди. Натижада 1200 га яқин хотин-қизларимиз муқим иш жойларига эга бўлади.

Халқаро молия ташкилотлари томонидан туманимиздаги 11 та корхонага жами 3 млн 109 минг долларлик имтиёзли шартлар асосида кредитлар ажратилди. Бунинг натижасида туманимизга 7 та чорвачилик фермер хўжаликлари томонидан четдан 550 бош зотли қорамоллар келтирилди. Ҳамда ҳар бирида камида 200 бош қорамолларни сақлаш қувватига эга замонавий типдаги чорва фермалари ташкил этилди. “Файз Баширбек юксалиш” МЧЖ томонидан 150 минг долларлик қуруқ мевани қайта ишлаш ускунаси олиб келинди. 3 та корхонага 2 млн 280 минг доллар миқдорида кредитлар ажратилиши натижасида Корея ва Хитой давлатининг  6 гектарлик замонавий иссиқхоналари қурилиши бошланган бўлиб келаси йилнинг 1 чорагида ишга туширилади. “Отажон ширинликлари” ХК томонидан бир кунда 10 тонна сутни қайта ишловчи 9 хил турдаги сут маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи           200 минг долларлик Хитой давлатнинг замонавий ускунаси келтирилмоқда.

 

Азиз ва муҳтарам юртдошлар!

 

Бугун биз жонажон Ватанимизни ривожланган демократик давлатлар қаторига олиб чиқишдек юксак мақсад йўлида кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз. “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган принцип барча бўғиндаги раҳбарлар фаолиятида асосий қоидасига айланиб бормоқда.

Ишончим комил, ана шу олижаноб мақсадларга эришишда давлат органлари, кенг жамоатчилик, барча фуқароларимиз ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.

Мен Каттақўрғон туман ҳокими ва Конституцияга амал қилинишининг кафили сифатида жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлашни, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни ўзимнинг нафақат вазифам, энг аввало, муқаддас бурчим, деб ҳисоблайман.

Ҳеч шубҳасиз, орадан йиллар, асрлар ўтади, лекин халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган Конституциямиз янги-янги авлодлар учун ҳаёт қомуси, даврнинг ўзи ўртага қўядиган долзарб муаммоларни ечиш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.               

Сиз азизларни Конституциямизнинг қутлуғ байрами билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик, фарзандлар, набиралар бахт-у камолини кўришни тилайман
 

Туманимизда истиқомат қилаётган 260 минг нафардан зиёд аҳолимиз, хусусан меҳнат фахрийлари, нуроний отахон-у онахонларнинг дуолари ижобат бўлсин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.

Янги – 2019 йил бундан-да баракали ва файзли келсин.

Яратганнинг ўзи юртимизни бало-қазолардан асрасин, эзгу ишларимизда доимо мададкор бўлсин! 

 

Эътиборингиз учун раҳмат!

2015-2024 © Хокимият Каттакурганского районо. Разработан в: SAKTRM