Муҳим ташаббуслар болажонлар нигоҳида
11.10.2019 - 11:23Маълумки, давлатимиз раҳбари ёшларни маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишмақсадида ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди. Шу муносабат билан туман Марказий истироҳат боғида мактабгача таълим тизимида тарбияланаётган болажонлар иштирокида маънавий-марифий. Спорт тадбирлари бўлиб ўтди.
“Бешта муҳим ташаббус-маънавий етук, баркамол шахс кафолати!” шиори остидаги тадбирлар доирасида тумандаги 58 та мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия олаётган болажонлар ўз иқтидорларини намойиш этдилар. Жажжи болажонларнинг тарбиячи опалари кўмагида тайёрланган турли кўринишдаги кўргазмалари, бадиий чиқишлари, спорт ва маданий дастурлари иштирокчилар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди.
Айни пайтда туманда ушбу бешта муҳим ташаббусда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан барча мактабгача таълим ташкилотларида йўл хариталари ишлаб чиқилиб амалиётга тадбиқ этилган. Ўтказилаётган тадбирлар бўлим мутасаддилари томонидан мониторинг қилиб борилмоқда.
- Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус бугунги кунда олиб борилаётган ишларимиз моҳиятининг асосий негзини ташкил этади, - дейди туман мактабгача таълим бўлими мудири ўринбосари Бектош Дониёров.
– Бугун мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган ҳар бир болажон эртанги келажагимиз асосчилари эканлигини инобатга оладиган бўлсак, тизимда фаолият олиб бораётган ҳар бир педагог ходим миллат келажагини яратишдек масъулиятни ўз зиммаларига олмоқда. Ана шу мақсаддан келиб чиқиб ўтказилган бугунги тадбирда ҳар бир боланинг иқтидори ва истеъдодига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳақиқий байрамона тусда ўтган тадбир давомида жажжи болажонларнинг иқтидорига тасаннолар айтмай иложингиз йўқ. Бир томонда қайсидир болажон мўйқаламда қоғозга расм чизаётганини кўрсангиз, бир томонда ўзининг ширали овози билан Ватан, юртни мадҳ этувчи ашуласи билан иштирокчилар эътиборини тортади. Алишер Навоий, Бобур рубойиларини иштиёқ билан айтаётган ёки устози кўмагида инглиз тилида бийрон сўзлашишга уринаётган болажонлар киши қалбини тўлқинлантиради.
Тадбирда фаол иштирок этиб ўз иқтидори ва истеъдодини намойиш этган болажонлар туман ҳокимлигининг ва мактабгача таълим бўлимининг совғалари билан тақдирландилар.