Намунавий сайловда оқсоқол сайланди

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

Каттақўрғон шаҳридаги 2-сон мусиқа ва санъат мактабида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси томонидан Пахтачи, Нарпай, Нуробод, Каттақўрғон туманлари ва Каттақўрғон шаҳарлари кўмаклашувчи комиссиялари аъзолари учун ҳудудий семинар бўлиб ўтди.


    Семинар ишида дастлаб Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси раиси Н.Раббимова иштирокчиларга жараён ва қонунчиликда белгиланган нормалар  ҳақида маълумотлар берди.


    Семинарда айни пайтда маҳаллаларда тузилган ишчи гуруҳлар томонидан белгиланган ишлар амалга оширилаётгани, барча маҳаллаларда раисликка номзодлар кўрсатилгани, ҳар бир ўринга ўртача уч номзод тўғри келаётгани айтиб ўтилди.

    Шундан сўнг иштирокчилар Каттақўрғон шаҳридаги “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини (оқсоқоли) раиси сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси фаолияти билан яқиндан танишдилар ва намунавий сайлов тариқасида ўтказилган сайлов жараёнини кузатдилар. 

 

  - Қонунчилигимиздаги янгиликларга кўра, бу йилги сайлов аввалгилардан бир қатор фарқли жиҳатлари билан ажралиб туради, - дейди Каттақўрғон шаҳар “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини (оқсоқоли) раиси сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси раиси Боймурод Тўхтаев. - Аввало, сайловда иштирок этувчи вакиллар сони сезиларли даражада кўпайган. Овоз бериш олдинги сингари очиқ усулда эмас, ёпиқ овоз бериш тарзида ўтади ва сайловчилар бюллетень тўлдиради. Шу сабабли сайловни каттароқ, аҳоли учун ҳар томонлама қулай жойларда ўтказиш белгиланди. Бунинг учун асосан, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари бинолари танланди. Бинолар сайловга оид тарғибот материаллари билан таъминланди.
 

  Аҳолининг сайловдан хабардорлиги ва жараён ҳақидаги тушунчасини ошириш мақсадида вилоят кўмаклашувчи комиссия аъзолари иштирокидаги семинарда депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этишиб, қонунчилик талабларидан келиб чиқиб ўз фикр мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

    - Ҳудудий семинар ҳадемай бошланиш арафасида турган маҳалла (оқсоқоли) раиси сайловлари шаффофлигини таъминлашда сайловни ўтказишга кўмаклашувчи комиссия аъзолари учун катта тажриба бўлиб хизмат қилади, - дейди Пахтачи туман “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғини (оқсоқоли) раиси сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси раиси Нормурод Қурбонназаров. – Айниқса, Каттақўрғон шаҳар “Навбаҳор” маҳалласида ўтказилган намунавий сайлов барча иштирокчилар учун қизиқарли бўлди.

2015-2024 © Kattaqo'rg'on tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM