Сайёр қабул давомида 228 нафар фуқаронинг мурожаати эшитилди

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

  Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов аҳоли билан яқиндан мулоқотда бўлиш, уларнинг муаммоларига ечим топиш мақсадида тумандаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида сайёр қабул ўтказди. 

    Сайёр қабулда вилоят ҳокими билан бирга учта сектор раҳбари, вилоятдаги бошқарма ва идоралар бошлиқлари ҳамда бошқа мутасаддилар, тумандаги барча корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этдилар. 

    Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, сайёр қабул давомида  228 нафар фуқароларнинг мурожаатлари қайд этилди. Барча масалалар бирма-бир тингланиб, уларнинг ечими юзасидан масъуллар бириктирилди. Мурожаатларнинг аксариятини электр таъминоти, йўл, тиббий хизмат кўрсатиш масалалари ташкил этди.
    

Сайёр қабулда масъулларга топширилган масалаларнинг ижроси қисқа муддатларда муҳокама этилиши белгиланди.

- Туғма ногиронлигим бор, - дейди Каттақўрғон шаҳридан қабулда иштирок этган Рустам Мўминов. – Ногиронлик аравачасига эхтиёжим борлиги туфайли бир неча бор Каттақўрғон шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилган эдим. Муаммойим ечим топмади. Бугун вилоят ҳокимининг ғамхўрлиги туфайли ногиронлик аравачаси билан таъминландим. Бунинг учун вилоят ҳокимидан, жойида аравача билан таъминланишимга кўмак берган Каттақўрғон туман ҳокимидан чексиз миннатдорман. 

Шунингдек, қабул чоғида ҳудудда меҳнат ярмаркаси ўтказилиб, фуқароларга тумандаги 55 та корхонада мавжуд 399 та бўш иш ўринлари таклиф этилди. 23 нафар фуқароларга ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди.

Туман давлат хизматлари маркази ходимлари эса шу ернинг ўзида 112 нафар фуқарога турли давлат хизматларини кўрсатди. Жумладан, 15 нафар фуқаронинг ўзбошимчалик билан қурилган турар жой биносига эгалик ҳуқуқи тасдиқланди.
 
Эркинжон Турдимов 30 март куни эса Қўшработ туманида оммавий сайёр қабуллар ўтказиши кўзда тутилган.

2015-2024 © Kattaqo'rg'on tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM