ТУМАН ҲОКИМИНИНГ 14 ЯНВАРЬ ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ КУНИГА ТАБРИК СЎЗИ

 Ассалому алайкум, ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Қадрли аскарлар, сержант ва офицерлар ҳамда Қуролли Кучларимиз фахрийлари!

Аввало, барчангизни Ўзбекистонимиз ҳаётидаги қутлуғ сана – Ватан ҳимоячилари куни ва Қуролли Кучларимиз ташкил этилганлигининг 27 йиллиги байрами билан самимий табриклашга рухсат бергайсизлар!

Айни вақтда бу байрам тадбирлари  ҳар бир ҳудудда, ҳар бир ҳарбий қисмларда алоҳида нишонланмоқда.

Дунёда шарафли касблар кўп, улар орасида энг шарафлиси ўз она Ватани ва халқининг тинчлиги учун хизмат қилишдир.

Албатта, мустақилликнинг илк йилларида барча соҳалар каби ҳарбий йўналишда ҳам кўплаб оғир муаммолар тўпланиб қолган эди. Аввало, қўшинларнинг моддий-техник таъминот тизими талаб даражасида эмас эди. Ҳарбий тузилмалар ўзининг қурилиши ва жанговар таркиби бўйича янги пайдо бўлган таҳдидлар олдида заиф эди. Энг мушкул муаммо – малакали ҳарбий кадрлар етишмасди. Шунинг учун миллий армиямизни барпо этиш ва ислоҳ қилиш бўйича ҳар томонлама чуқур ўйланган ва узоқ муддатга мўлжалланган стратегия ишлаб чиқилди.

Ўтган чорак аср давомида ана шу стратегия асосида, Миллий хавфсизлик концепцияси ва Мудофаа доктринаси доирасида кўп ишлар қилинди. Юз бериши мумкин бўлган ҳарбий ҳаракатлар ва унинг реал хусусиятлари, илғор хорижий тажрибалар ҳар томонлама ҳисобга олинди. Шу асосда ихчам, яхши таъминланган, юксак жанговар руҳга эга бўлган миллий армиямиз барпо этилди.

Азиз ҳамюртлар!

Бугунги кунда миллий армиямиз минг-минглаб ўғлонларимиз учун чинакам мардлик, фидойилик, ҳақиқий ватанпарварлик мактабига айлангани, ҳеч шубҳасиз, шу йўлда эришган энг катта ютуғимиздир. Бу ҳақиқатни юртимиздаги барча ота-оналар, бутун халқимиз ғурур билан, миннатдорчилик билан эътироф этмоқда.

Ҳозирги кунда оналар ўз фарзандларини армияга кўзда ёш, юракда хавотир билан эмас, балки менинг ўғлим ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлади, деб, юксак ишонч ва фахр туйғуси билан кузатмоқда.

Муддатли ҳарбий хизматни бир йил этиб белгиланганлиги, сафарбарлик чақируви резерви хизматининг жорий этилганлиги, чақирувнинг бир йилда бир марта ташкил қилинганлиги армиямизнинг жанговар тайёргарлигини кескин ошишига олиб келди.           

Офицерлар ва сержант кадрларни тайёрлаш ҳамда малакасини оширишнинг замонавий талабларга жавоб берадиган самарали тизими яратилди.

Хусусан, ҳарбий хизматни ўзининг касби, Ватан ва халқ олдидаги муқаддас бурчи деб билган ўғлонларимизни шарафлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Ҳурматли, тантана иштирокчилари!

Ҳар йили Ватан ҳимоячилари байрами куни арафасида муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан алоҳида хизматчилар учун бир қатор ҳарбий хизматлари учун давлат мукофотлари билан муносиб тақдирланиб келмоқда. Бундай юксак эътирофга сазовор бўлганлар орасида вилоятимиз ва туманимиздан кўпгина ҳарбий хизматчилар борлиги барчамизни беҳад қувонтиради.

Давлатимиз раҳбари муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, "Барчамиз бир фикрни яхши англаб олишимиз керак: эл-юртимизнинг тинчлигини таъминлаш мақсадида бугун мудофаа соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг қанчалик самара бериши армия ва халқнинг бирдамлигига боғлиқ".

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши томонидан ҳам ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 23 августдаги қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг минтақавий бўлимлари ташкил этилиб, ҳарбий округлар қўмондонлиги билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилди. Минтақавий бўлинмалар нафақат ҳарбий қисм ва муассасаларда, шу билан бирга, кенг жамоатчилик ўртасида, айниқса, таълим масканлари, маҳалла ва қишлоқларда ёшларимизнинг ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси билан шуғулланмоқда.

Ватан ҳимоячилари кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш мақсадида вилоятимизнинг таниқли олимлари, санъаткор, ижодкорларидан иборат тарғибот гуруҳлари тузилиб, жойларда, ҳарбий қисмларда унутилмас учрашув ва маънавий-маърифий кечалар ўтказиб келинмоқда.

 Шубҳасиз, бу тадбирлар нафақат ҳарбий хизматчиларни, балки ўсиб келаётган ёш авлодни она-юртга садоқат, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Қадрли Ватанимиз ҳимоячилари!

Мана шу қутлуғ кунда Сизларни бугунги байрам билан чин дилдан самимий муборакбод этаман.

Халқимизга муносиб ва ҳақли равишда фахрлана оладиган қуролли кучлар яратиш йўлида олиб борилаётган ишларингиз бардавом бўлсин.

Шу муносабат билан барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, тинчлик-хотиржамлик, хизматларингизда ўлкан муваффақиятлар тилайман. Чегараларимиз дахлсиз, осмонимиз мусаффо бўлсин.

Яна бир бор байрамингиз муборак бўлсин, азиз Ватан ҳимоячилари!

Эътиборингиз учун раҳмат! 

2015-2019 © Kattaqo'rg'on tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM