Келгуси йил ҳосилини кўзлаб

Бошоқли дон экинлари экишни белгиланган муддатларда сифатли қилиб ўтказиш ниҳоятда зарур тадбирлардан бири бўлиб, келгуси йил ҳосили тақдирини белгилайди.
Маълумки, кузги буғдой уруғини экишнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда мақбул муддатларда ўтказилиши, уруғни бир текис ундириб олиш, қишки тиним даврига кириш учун тайёргарлик ҳолатининг яхши ўтиши, меъёрида қишлаш ва юқори ҳосил беришини таъминлайди.
Шунинг учун ҳам туманда 2020 йил ҳосили учун 8 926 гектар майдонларга кузги бошоқли дон экиш ишлари қизғин давом этмоқда. Бунинг учун ҳозирда 2 361 гектар очиқ майдонда ғалла экиш ишлари аллақачон бошлаб юборилган. Қолган 6 565 гектар майдонда эса ғўза қатор орасига бошоқли дон экиш учун тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. 
Бу йилги кузги ғалла экиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилганлиги, мавсумда иштирок этадиган техникаларнинг шай ҳолатга келтирилганлиги экишда унумдорликка эришишни таъминламоқда. Бунинг учун туманга Туркияда ишлаб чиқарилган 2 та янги дон экиш сеялкалари олиб келинди. Бугунги кунда бу сеялкалар билан бир кунда 20-25 гектар майдонга кузги ғалла экилмоқда. 
Ғалла майдонларига 100 кг.дан калийли, 300 кг.дан фосфорли ҳамда 10 тоннадан маҳаллий ўғитлар сепилиб, кейин уруғ қадаш ишлари олиб борилмоқда. Маҳаллий шароитдан келиб чиққан ҳолда экиладиган уруғ навларини танлашга ҳам катта эътибор қаратилган. Айни пайтда фермер хўжаликлари "Юка", "Бобур", "Первица", "Антонина", Васса", Андижон", "Земница" каби юқори сифат кўрсаткичли дон уруғлари экмоқда. 

2015-2024 © Government of Kattakhurgan district. Maked by: SAKTRM