УЙ-ЖОЙ ОБОД БЎЛСА, ТУРМУШ ФАРОВОН

Каттақўрғон туманида кўп хонадонли уй-жой фондининг техник ҳолатини тубдан яхшилаш ва ундан фойдаланиш, таъмирлаш-тиклаш ишларини ўз вақтида амалга ошириш учун зарур шароитлар яратиш, шунингдек, кўп хонадонли уйларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш мақсадида ўтган йил мобайнида бир қатор ишлар амалга оширилди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017 - 2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори фаолиятимизнинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Дарҳақиқат, 2017-2018 йиллар давомида мазкур фаолиятни амалга ошириш учун жами  2032 млн. сўм маблағ сафарбар этилди. Жумладан, 2017 йилда тумандаги 9 та кўп қаватли уй-жойларда 1 млрд. 99 млн. сўмлик қурилиш монтаж ишлари амалга оширилди. Натижада 9 та уйнинг том қисми мукаммал тамирланди. Ўтган йил эса 933 млн. сўм, тижорат банклари кредит маблағлари ҳисобидан, 8 та кўп қаватли уй-жойнинг том ва фасад қисми, 5 та йўлаги мукаммал таъмирланди. 8 та 12 лузали ташқи хожатхона ва 4 та болалар майдончаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. 3 та кўп қаватли уй-жойга фрамуга ва кодли темир эшиклар ўрнатилди. Эҳтиёжга кўра 4 та тандирхона ҳам қуриб битказилгач, аҳоли ихтиёрига топширилди. Шу билан бирга, кўп қаватли уй-жойларга туташ худудлар ободонлаштирилиб, мевали ва манзарали дарахт-кўчатлари экилди. Натижада ҳудудлар янада кўркамлашди.

Бундан ташқари,  2019 йил бошида вилоятни ободонлаштириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан туманимизда 2820.9 млн. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан Мирзо Улуғбек маҳалласи Баландчордара кўчасида жойлашган 9 та, Алишер Навоий кўчасидаги 3 та, Чароғон маҳалласи Кўктерак кўчасидаги 5 та уйнинг фасад қисми, кириш йўлаклари таъмирланиб, отмоска ва тратуар қисмига тўлиқ бетон ётқизилди. Баланд чордара, Алишер Навоий ҳамда Кўктерак кўчаларида кўп қаватли уйлар атрофига жами 15 дона тандирхона қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, айни ҳудудларда 6 та болалар майдончаси ва 20 дан ортиқ дам олиш айвончалари қурилди. Канализация ва тоза ичимлик суви тармоқлари тортилиб, сув таъминотидаги муаммолар бартараф этилди. Кириш йўлаклари ва кўп қаватли уй-жойлар атрофига жами 195 дона тунги ёритгичлар ўрнатилди. Кўп қаватли уй-жойларга олиб борадиган ички кўчалар, яъни Баландчордара кўчасига 250 метр, Алишер Навоий кўчасига 40 метр ва Кўктерак кўчасига 200 метр асфальт ётқизилди.

Амалга оширилган ишлар самараси ушбу ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолининг яхши яшаши, турмуши фаровонлиги учун яратилган бундай шароитлар бугунидан рози бўлиб, эртанги кунга ишонч билан умргузаронлик қилишига хизмат қилади.

2015-2019 © Government of Kattakhurgan district. Maked by: SAKTRM