"Ҳар кунинг бўлсин, Наврўз!"

Image_tadbir: 
[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

Тумандаги Мойбулоқ аҳоли массивида ана шу шиор остидаги умумхалқ байрами кенг нишонланди

Кўклам нафаси... Саҳарларнинг таровати ўзгача. Тонгларни майин шаббодаю анчадан буён қулоғимизга чалинмай қолган сайроқи қушларнинг дилга қувонч улашгувчи овози билан қарши олмоқдамиз. Қийғос гуллаган бодому ўрик шохларига боқиб, асаларининг у гулдан бу гулга қўниб, аллақачон ҳаракатга тушиб қолганидан завқланиб кетади киши. Кимдир кўчат ўтқазишга чоғланган, кимдир майса ундирмоқда, қавм-қариндош, маҳалла аҳли катта-катта дошқозонлар атрофида сумалак тайёрлашга ошиққан. Шундай шукуҳли дамларда туманимиздаги Қоқсой тепалигида туман ҳокимлиги ташаббуси билан Наврўз сайли тадбирлари бўлиб ўтди.

Байрам муносабати билан тумандаги ҳар бир корхона ва ташкилотлар ҳамда муассасалар томонидан кўтаринки руҳда тайёргарлик кўрилди. Марказий кўча ва истироҳат боғларида байрамга хос шиорлар, ранг-баранг байроқчалар илинди. Аждодлардан авлодларга мерос бўлиб келган эзгу удумлар бардавом бўлиб, Наврўз айёми олдидан барча қабристонларда ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Кўчалар обод этилиб, ариқ ва зовурлар тозаланди. Мевали ва манзарали дарахтлар, турфа ранг гуллар ўтқазилди. Туманимиз қишлоқларида истиқомат қилаётган кам таъминланган оилалар, бемор фуқаролар, кекса нуронийлар ҳолидан хабар олинди. Айни шу саъй-ҳаракатлар туфайли қутлуғ шодиёнани барча бирдек, хурсандчилик билан қарши олиши учун муносиб тадорик кўрилди.

Шоду хуррамлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик айёми - Наврўз сайлига Қоқсой тепалигида кўтаринки руҳда тайёргарлик кўрилди. Қадимий урф-одат ва анъаналарга хос тарзда майдонда ўтовлар тикилди. Тепалик етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган кексаю ёш билан гавжум. Барчанинг юзида табассум, бугунги кундан розилик, шоду хуррамлик, шукроналик ҳиси балқиб турибди.

Тадбирда туман ҳокими Аъзамхон Баҳромов барча каттақўрғонликларни Наврўзи олам билан табриклади. Бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида эътироф этиб, инсон манфаати, халқимизнинг бахтли яшаши учун барча шароитлар яратилаётганини таъкидлади. 

Бундай шукуҳли дамларда, тинч ва осойишта юртда ҳар бир кўнгилга байрам татишини қайд этди.

Сайилга юртимизнинг турли гўшаларидан бадиий жамоалар, ашула ва рақс ансамбллари, фольклор жамоалари, аскиячилар, алёрчилар жалб этилди. Йирик саҳнада ижро этилган "Сарбози" фольклор этнографик халқ дастаси ҳамда "Қалдирғоч" фольклор болалар дастасининг чиқишлари, "Зарафшон" халқ дастаси ва таниқли хонандаларнинг концерт дастурлари барчага хушнудлик бағишлади. Бахшилар, барча ҳаваскор фольклор жамоаларининг чиқишлари томошабинларда унутилмас таассурот қолдирди.

Байрам муносабати билан халқимизнинг миллий ўйинлари - хўроз ва қўчқор уриштириш, тош кўтариш, чиллик, беш тош, оқ теракми-кўк терак бўйича ўғил ва қиз болалар ўртасида беллашувлар ташкил этилди. Варрак сайлида болажонлар қийқиришиб, баланд учган варраклари ортидан боқиб, кўнгли яйради. Бундан ташқари, кураш бўйича ўтказилган турли вазн тоифаларидаги мусобақалар туфайли янгидан-янги полвонлар кашф этилди.

– Байрам муносабати билан ташкил этилган кураш бўйича мусобақада полвонларимиз ўртасида қизғин ва мурасасиз беллашувлар кечди, - дейди тумандаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийси Ойбек Тожиев. – Энг кучлилар аниқланиб, улар муносиб тақдирланишди. Жумладан, 40 килограмм вазн тоифасида Суннат Ўринбоев ғолибликни қўлга киритган бўлса, 66 килограмм вазн тоифасида Азизбек Абдураимовга тенг келадиган полвон топилмади. Шунингдек, кураш бўйича жамоавий баҳсларда тумандаги 20-умумтаълим мактаби жамоаси биринчи ўринни эгаллади. 43-умумтаълим мактаби жамоаси иккинчи, 18-умумтаълим мактаби жамоаси эса учинчи ўринни қўлга киритишди.

Наврўз шодиёнаси давомида арқон тортиш бўйича мусобақаларда туманнинг алп йигитлари ўз маҳоратларини синовдан ўтказишди. Якуний натижаларга кўра Сув омбори жамоаси биринчи, Мойбулоқ жамоаси иккинчи ва БЎСМ жамоаси эса учинчи ўринни қўлга киритишди. Тош кўтариш мусобақасида эса Зиёд Бурҳонов барча рақибларини ортда қолдириб, ғолиблар сафидан жой олди. Бокс, карате ҳамда бадиий гимнастика спорт турлари бўйича кўргазмали чиқишлар байрам тароватини янада оширди. Барча мусобақаларда фаол иштирок этган ҳамда ғолибликни қўлга киритган спортчиларга туман ҳокимлиги, байрам ташкилотчиларининг диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.


– Наврўз айёми мен учун унутилмас бўлди, - дейди кураш бўйича 66 килограмм вазн тоифасида ғолибликни қўлга киритган Азизбек Абдураимов. – Байрам баҳона ота-боболаримиздан ўлмас анъана бўлиб келаётган ушбу спорт тури бўйича гиламга чиқиб, рақибимнинг курагини ерга теккиздим. Бундай мусобақалар худди шундай халқ сайилларидагина эмас, тез-тез ўтказилиб турилса туманимизнинг чекка-чекка ҳудудларида яшаётган иқтидорли спортчилар кашф этиларди. Энг муҳими, улар билан яқиндан танишиб, бир-биримизни қўллаб, йирик мусобақаларга биргаликда чиқишимизга сабаб бўларди.


Байрам сайили, халқ ўйинлари, мусобақалар кексаю ёшга завқ улашди. Нуроний отахон ва онахонларимиз юзи ва кўзида чексиз шодлик мужассам.

– Яна бир баҳорни қарши олиб, қўни-қўшни, маҳалладош, фаразнду набиралар бир давра бўлиб, ҳамжиҳат ва аҳил бўлиб юз кўришиб турганимиздан Аллоҳга шукроналар бўлсин, - дейди Қоқсой қишлоғида истиқомат қилувчи 83 ёшли отахон Довур бобо Синдоров. – Қачонлардир бу кунлар орзу эди, байраму тўй татимасди, оиламиз қорнимиз тўйиб, овқат емаган кунлар бўларди. Энди мўл-кўлчиликни қаранг, болаларимизнинг шодлигини бир кўринг, халқимизнинг орзу-ҳавасига бир назар солинг. Буларнинг барчаси мустақиллигимиз туфайли, доно ва оқил раҳбарларимиз, Юртбошимизнинг ғамхўрлиги туфайли.


– Наврўзи оламни интиқ кутмаган киши бўлмаса керак, - дейди меҳнат фахрийси Маҳмуд Холмонов. - Бу шодиёна олдидан бутун маҳалла ҳамжиҳат бўлиб кўчаларимиз, гузарларимизда ҳашарлар ташкил этдик. Эътибор ва ғамхўрликка муҳтож қўни-қўшниларимиз ҳолидан хабар олдик, қўлимиздан келганича ёрдам қўлини чўздик. Мана, бугун барчамиз бир бўлиб сайилга чиқдик. Оиламиз, фарзанду набираларимизнинг хурсандчилиги чексиз. Илоҳим, юртимизнинг ана шундай тўй-тантаналари бардавом бўлсин. Ўзбекистонимиз тинч ва осойишта бўлсин.

Наврўз байрами қўшалоқ тантаналарга бой бўлди. Жумладан, Қоқсой маҳалласида 43-мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди. Янги икки қаватли боғча 75 ўринга мўлжалланган бўлиб, уни бунёд этишга 1 миллиард 777 миллион сўм маблағ сарфланди.

Боғчанинг очилиш маросимида иштирок этган туман ҳокими А.Баҳромов маҳалла аҳлини нафақат Наврўзи олам билан, балки билимли ва бахтли авлод камолга етадиган янги боғча билан табриклади.


Дарҳақиқат, "Ҳар кунинг бўлсин, Наврўз!" шиори остида барча маҳалла ва қишлоқларда байрам тадбирлари давом этмоқда.

2015-2024 © Government of Kattakhurgan district. Maked by: SAKTRM