8-март Халқаро хотин-қизлар кунига байрам табриги

Ассалому алайкум, қадрли онахонлар!

Мунис ва меҳрибон опа-сингиллар!

Анжуманимизнинг ҳурматли меҳмонлари!

 

Энг гўзал ойнинг энг нафис байрами - хотин-қизларга эҳтиром кўрсатиш анъанаси йил сайин умумдавлат аҳамиятига эга бўлиб, юқори мақом даражасига кўтарилмоқда. Жамиятнинг маданият даражаси, маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади.

Донолар айтганидек, дунёда аёл меҳрининг баҳосини ўлчайдиган меъзон, тенглаштирадиган бойлик йўқ. Бу аёл деган улуғ хилқатда нозик таъб, буюк қалб, назокатли кўнгил, бетакрор фидоийлик, она жасорати мужассамлиги натижасидир.

Мана шундай фазилатлар эгаси бўлган ҳар бирингизга байрам муборак бўлсин!

 Азиз опа-сингиллар!

Аёллар шарафига Тожмаҳаллар қурилган, бир дона ҳолига гўзал шаҳарлар фидо қилинган, шоирларга энг шоҳ сатрлар илҳомини берган, хукмдорларга улкан шаҳарларни обод этиш ғайратини бахш этган аёл зотини улуғлайдиган кунларимиз бор бўлсин!

Ҳалқимизда “Отаси яхши-биттаси яхши, онаси-яхши ҳаммаси яхши” деган нақл бор. Жами фазлу яхшилик аёлдан бошланади. Дарҳақиқат, аёлга нима керак? Аёлга бахт, меҳр ва муҳаббат керак! Ҳар бир аёл ўз оиласи, қўрғони, кўнгли тинч, юрти ва фарзанди омон, бошида турган бошпаноҳи-турмуш ўртоғи соғ бўлса, ҳамиша ўзида яшашга, турмушда катта ўзгаришлар ясашга куч топа олади.

Боболаримиз эътироф этганларидек, ҳаётимизга мазмун бағишлайдиган, бизни ҳамиша одамийлик, мардлик, олийжаноблик сари чорлайдиган, сабр-тоқат, садоқат соҳибаси бўлмиш аёлнинг меҳр-муҳаббати ва заҳматини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.

Бу кўҳна тарих Тўмарис, Нодирабегим, Гулбаданбегим, Увайсий, Зулфия, Саида Зуннуновадек буюк аждодларимизнинг миллатимиз шаъни, ор-номусини сақлаш йўлидаги жасоратларига гувоҳдир. Улуғ момоларимизга хос бўлган ноёб фазилатлар замонамиз аёллари сиймосида ҳам давом этаётганидан беҳад фахрланамиз.

Мустақил Ўзбекистонимизнинг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Сиз, аёлларни оила қўрғонининг чароғбони деб кўкларга кўтарган.

2016 йил 28 декабрда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович томонидан “Нуроний” жамғармасини қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган Фармонда узоқ йиллар меҳнат қилган ва ҳатто ишламаса ҳам фарзандларини оқил ва юртга садоқатли қилиб тарбиялаб, ҳурмат қозонган оналар учун “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони таъсис этилгани фикримизнинг далилидир.

Фарзандлар бахтидан, нуроний отахон ва онахонларнинг ҳурмат иззат топишидан, оиланинг бекам-кўстлигидан, юрт тинчлиги, Ватан равнақи, турмуш фаровонлигидан биринчи навбатда оналар манфаатдордир.

Демак, мамлакатимизда олиб борилаётган барча бунёдкорлик ва эзгу ишлар, яратилаётган гўзалликлар Сиз оналар, опа-сингилларнинг кўнглингизни олиш учун бунёд этилаётганлигидан бахтиёрмиз.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Жаннатмонанд юртимиз-қадимий ва навқирон Самарқандимизнинг, туманимизнинг шон-шарафини тобора юксалтиришда жонкуярлик қилаётган, ҳалол ва самарали меҳнатлари билан эътирофга сазовор бўлаётган хотин-қизлар сафи йил сайин кенгайиб бораётгани барчамизни қувонтирмоқда.

Бугунги кунда туманимизда ижтимоий ҳаётининг энг муҳим соҳаларидан бўлган халқ таълими тизимида, соғлиқни сақлаш тизимида, маданият ва санъат соҳасида, фан ва илмий хизмат кўрсатиш соҳасида, шу билан биргаликда молия, кредит, суғурта, пенсия таъминоти тизимларида ҳам аёлларимиз юқори фоизларни ташкил этаётганлиги сафимизда нечоғли салоҳият эгалари борлигини кўрсатиб турибди.

Туманимизда тадбиркорлик ҳаракатини олиб бораётган, халқимиз турмуш фаровонлиги йўлидаги ҳиммати билан ном таратаётган қанчадан қанча тадбиркор аёлларимизни туманимиз иқтисодиётининг равнақига салмоқли ҳисса қўшаётганини ва уларнинг сони йил сайин ортиб бораётганини алоҳида эътироф этиш жоиз албатта.  Давлатимиз раҳбарининг паррандачилик ва лимонария ташкил этиш йўли билан оилалар фаровонлигини юксалтириш, аёлларнинг фарзанд тарбияси билан уйғун равишда ижтимоий фаол ҳаётга жалб этиш борасидаги ислоҳотларни амалга оширишга “лаббай” дея жавоб бериб, ўз тадбиркорлик ишини бошлаб юборган опа-сингилларимизнинг ташаббускорлигини доимо қўллаб-қувватлаймиз.

Сизлар келажакда ҳам давлат ва маҳаллий дастурларда белгиланган имтиёзлардан оқилона фойдаланиб, давлат ва жамият бошқарувида дадиллик, шиддат ва нафосатни, ор-номус ва ҳаёни ўзингизга байроқ қилиб фаоллик кўрсатишлариингизга ишонаман.

Мамлакатимизда билимли, оқила, ҳар томонлама тенгдошларига ўрнак кўрсатаётган зукко қизларимиз сафи йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Уларнинг фан-таълим, адабиёт, санъат, маданият соҳаларида эришаётган муваффақиятлари билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Хотин-қизларимизни спорт соҳасида эришаётган ютуқлари ҳам нафақат Ўзбекистонни, балки бутун дунёни лол қолдимоқда десам асло муболаға бўлмайди.

 Қадрли дўстлар!

Барчамизни оқ ювиб, оқ тараган, шу юртнинг оғир-енгилини умр бўйи елкасида кўтариб келган, хонадонларимизнинг файзи ва кўрки бўлган азиз ва мўътабар онахонларни рози қилиш, дуосини олиш – дунёдаги энг улуғ мақсадимиздир.

Туманимизда барча оналар бугунги кунда фарзандлари, невара, чеваралари қувончи билан, эл-юрт ардоғида яшамоқдалар. Кўплаб нуроний онахонларимиз фарзандларига ҳаётий тажриба ва билимларини ўргатиб, ҳаётнинг оғир енгилига тайёрлаб бораётганлари алоҳида эътиборга лойиқ.

Юртимизнинг шундай онахонлари борки, уларнинг номи бутун бир тарих саҳифаларини безашга, келажак авлодга ибрат қилиб кўрсатишга арзийди, эзгу ишлари эса юрти учун фахр-ифтихор намунаси бўла олади.

Бугунги шодиёна минбаридан туриб, ўз оиласини, фарзандлари тарбиясини гул-гул яшнатиб қўйиш баробарида туманимиз ишлаб чиқариши ва ижтимоий ҳаёти, борингки, халқ хўжалигининг барча соҳаларида фидокорона меҳнат қилган ва қилаётган барча мунис аёлларимиз олдида таъзим қиламан.

Оналик шаънини, ўзбек аёли ор-номуси, қадр-қимматини юксакларга кўтарган бу инсонлар биз учун доимо азиз ва мукаррамдир. Сизнинг табаррук сиймонгиз, ҳар бир сўзингиз бизга ҳамиша ҳамроҳ ва йўл кўрсатувчи маёқдир.

Сизнинг суҳбатингизни олсак, ҳаёт ташвишларидан безовта юрагимиз таскин топади. Сиз фотиҳага кўл очганингизда, бутун вужудимиз қулоққа айланди. Ҳар сафар дуо қилганингизда юртимиз тинчлигини сўрайсиз, одамлар ўртасида меҳр-оқибат кўтарилмаслигини ва бизларга узоқ умр тилашни унутмайсиз.

Юртимизнинг кун сайин обод бўлаётгани, бозорларимиздаги тўкинлик, қизларимизнинг ҳаёли, иболи, йигитларимизнинг жасур ва мард бўлиб улғайишлари ҳам шу дуолар шарофатидандир. Ҳаётимизнинг кўрки ва маъноси бўлган аёлларга изҳор этилажак эзгу тилаклар бугун оламга сиғмайди.

Хонадонларимизнинг чироғи, фарзандларимизнинг меҳрибони, юракларимиз қўри, кўзларимизнинг нури ва ғуруримиз бўлган Сиз аёлларга ҳар қанча таъзим айласак кам! Сизнинг олтин қўлларингиз ҳам бешикни, ҳам дунёни тебратади.

Ҳурматли онахонлар, қадрли опа-сингиллар!

Бугунги байрам ҳаммамизга, ҳар биримизга янги куч, янги ғайрат бағишлайди. Ишончим комилки, туманимиз аёллари ўзларининг ватанпарварлик ҳаракатлари, янгидан-янги ташаббуслари билан жаннатмонанд юртимиз равнақига янада баракали ҳиссаларини қўшадилар.

Сўзимнинг якунида бугунги тадбиримиз иштирокчиларига ҳамда туманимизда истиқомат қилаётган барча меҳрибон опа-сингилларимизга Яратгандан сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, эзгу ишларингизда муваффақиятлар тилайман.

 Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.

 Яна бир бор айёмингиз муборак бўлсин!

 Эътиборингиз учун раҳмат.

2015-2024 © Government of Kattakhurgan district. Maked by: SAKTRM